Тошкент шаҳар ҳокимлигида жорий йилнинг биринчи ярмида Мирзо Улуғбек туманини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, мустақиллик байрамини муносиб нишонлаш, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, аҳоли бандлигини таъминлаш, давлат дастурларининг ижроси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Туман ҳокими Ш. Аҳмедов мустақиллик байрамини муносиб кутиб олиш мақсадида кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилаётганини, тумандаги турар жой бинолари, кўчалар, йўл ва йўлакларни таъмирлаш, ёритиш тизимларини янада такомиллаштиришга қаратилган ишлар бажарилаётганини таъкидлаб ўтди.
Туманда 12 йирик корхона, 5 300 дан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида йирик корхоналар томонидан 1,09 триллион сўмдан зиёд саноат, уч юз миллиард сўмдан ортиқ истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган ўнта лойиҳа бўйича 21,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, экспорт салоҳиятини ошириш дастури доирасида 68,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва саноат салоҳиятини ошириш мақсадида 103 инвестиция лойиҳаси амалга оширилди.
Тумандаги икки академик лицей, икки касб-ҳунар коллежи, тўрт умумтаълим мактаби ва уч мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланмоқда.
Куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида мавжуд хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига бугунги кунга қадар тижорат банклари томонидан қарийб 10 миллиард сўмлик кредит маблағи ажратилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоб қайтарилди.
Изоҳ (0)