Ливия шарқидаги Бенгази шаҳрида автомобилнинг портлатиб юборилиши оқибатида 22 киши ҳалок бўлди, яна 20 нафари жароҳат олди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Портлаш Гуварша туманида юз берган. У ерда ҳукуматга содиқ хавфсизлик кучлари ва радикал гуруҳлар иттифоқи ўртасида тўқнашувлар содир бўлмоқда. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, портлаш шу қадар кучли бўлганки, уч қаватли бинони қулатиб юборган.
Портлаш учун жавобгарликни «Бенгази инқилобчилар кенгаши» зиммасига олди. Мамлакат шарқидаги қуролли бўлинмалар қўмондони Халифа Хафтар ушбу иттифоққа қарши кураш олиб бормоқда. Унинг кучлари охирги ойларда бир нечта туманга илгарилаган, бироқ шаҳар устидан тўлиқ назоратни қўлга кирита олмаган. Айнан унинг қўшинлари теракт нишони бўлган.
Изоҳ (0)