Бугунги қаҳрамон жамоа — Италия. Ўз гуруҳида Парагвай, Вьетнам ва Гватемалага қарши кураш олиб борадиган Италиядан навбатдаги муваффақия кутилмоқда. Чунки жамоа 2004 йилги мундиалдан буён Жаҳон Чемпионатида медалга эга чиқади.
Италия терма жамоаси Жаҳон Чемпионатига чиқиш учун катта қийинчилик кўрмади. Буни қуйидаги мақоладан билиш мумкин.
Колумбияга йўл
Италия терма жамоаси Жаҳон Чемпионати чиптасига эга чиқиш йўлидаги курашда ўз гуруҳини пешқадам сифатида якунлади.Биринчи ўйинда Македония устидан 6:1 ҳисобида зафар қучган Италия, 2-турга келиб Молдовияни мағлуб этди — 3:1. Бироқ бу серия сўнгги турда ҳам давом этмади. Италиялик футзалчилар Словакия қаршилигини синдира олишмади — 1:2. Шунга қарамай Италия тўплар нисбатига кўра гуруҳни пешқадам сифатида якунлашга эришди.Шу тариқа Италия саралаш ўйинида иштирок этадиган бўлди. Бу босқичда «мовий гвардиячилар» ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмай, Венгрия устидан 6:0 ҳисобида муваффақият қозонишди. Бу эса Колумбия чиптаси дегани эди.
Жамоа ҳақида
Италия термасини етти йилдан буён битта мутахассис бошқариб келаётгани жамоанинг энг устун томони бўлиши мумкин. 1992 йилги Гонконг мундиалида тўп сурган Роберто Меничелли Италия термасининг бугунини тўлиқ ҳал қиладиган инсон.У жамоа учун нима кераклиги ва уни қандай шакллантириш мумкинлигини яхши билади. Колумбиядаги Жаҳон Чемпионатида бу нарса унга қўл келиши мумкин.
Стефано Мамарелла жамоанинг асосий фигураси. У Италия терма жамоасини ўз ортидан эргаштириб келаётган футзалчи ҳисобланади. Ундан ташқари Родолф Фортинони ҳам унутмаслик керак. Бу йигитлар Adidas соврини ҳисобланган «Олтин қўлқоп» ва «Кумуш бутса» совринларини тўрт йил аввалги Жаҳон Чемпионатида ўзиники қилиб олганди.
Жамоа сардори Габриэл Лима, унинг ёнида ҳаракат қиладиган Серхио Романо, Алессандро Патиас каби футзалчилар билан Италия терма жамоаси ёрқинроқ натижадан бемалол умид қилиши мумкин.Мундиаллар тарихи
Италия спортдаги энг катта державалардан бири. Футзалда ҳам Италия ўз номи ва имзосига эга. Буни саккизта Жаҳон Чемпионатидан еттитасида иштирок этгани ҳам кўрсатиб турибди. Бу борада Италия Европадаги иккинчи жамоа — Испаниядан кейин.
Италия терма жамоаси учун дастлабки мундиаллар омадли келди деб бўлмайди. 1989 йил Голландиядаги, 1996 йил Испаниядаги Жаҳон Чемпионатларида италияликлар гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтганликларига қарамай, шоҳсупага кўтарила олишмади. 2000 йилги Гватемала мундиали ҳам шундай якун топди.
Жамоанинг кейинги натижалари эса ажойиб бўлди ва Италия 2004 йилдан буён саҳнадан тушмаяпти. Хитой Тайпейида бўлиб ўтган фестивалда Италия финалга қадар етиб борди ва кумуш медалларни қўлга киритди. 2008 ва 2012 йилларда эса бронза медалларини қўлга киритди.
Изоҳ (0)