Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 276 ва 291-моддаларига асосан тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкалари учун ёхуд уйлар, дала ҳовли иморатлари, якка тартибдаги гаражлар ва бошқа иморатлар, иншоотлар, жойлар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда, шунингдек, жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар ва улар эгаллаган ер участкалари учун жисмоний шахслардан мол-мулк ва ер солиқлари юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади ҳамда имтиёзлар уларга нисбатан татбиқ этилмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Бироқ, жисмоний шахс ер участкаси ва турар жойдан, унда жойлашган уйда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, мол-мулк ва ер солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сонли қарори билан тасдиқланган «Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати» мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар сартарошлик хизматини кўрсатиши мумкин.
Солиқ кодексининг 375-моддасига асосан солиқ тўловчининг календарь ойида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, қатъий белгиланган солиқ тадбиркорлик фаолиятининг тури ва солиқ тўловчининг фаолиятни амалга ошириш жойига қараб белгиланган ставкалар бўйича тўланади.
Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик субъекти қатъий белгиланган солиқни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўлайди.
Сартарошлик фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар 2016 йилда ойига Тошкент шаҳрида энг кам иш ҳақининг 3,5 баравари, Нукус шаҳри ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда 1,5 баравари, бошқа аҳоли пунктларида 0,5 баравари миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлайди.
Изоҳ (0)