Хитой Фанлар Академиясининг Шинжон физика ва кимё техника институти делегацияси 30 июль куни Тошкентдаги Инҳа университетига ташриф буюрди. Ташрифдан мақсад ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш бўлди, деб хабар беради UzDaily.
Хитой институти проректори профессор Ҳожи Акбар Аиса делегацияга бошчилик қилди. ХХРнинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Цзоу Яньхуэй делегацияга ҳамроҳлик қилди.
Тошкентдаги Инҳа университети ректори Шерзод Шерматов меҳмонларга олий таълим муассасаси фаолияти ҳақида ҳикоя қилиб берди. Музокаралар давомида, шунингдек, икки ташкилот ўртасида узоқ истиқболли ҳамкорлик ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Тошкентда хитойлик профессорларнинг ёзги маърузаларини ташкил этиш, Тошкентдаги Инҳа университети талабалари учун Хитойда ёзги мактаблар ташкил этиш, битирувчиларнинг Хитойдаги етакчи университетларда таълимни давом эттиришлари учун шароитлар яратиш, профессор-ўқитувчилар таркибининг малакасини оширишни ташкил этиш, уларни ахборот технологиялари, математика ва физика соҳасида докторантура таълимига жалб этиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Томонлар Хитой олийгоҳлари делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш юзасидан келишувга эришди.
Профессор Ҳожи Акбар Аиса Инҳа университети фахрий меҳмонлари китобида ўз тилакларини ёзиб қолдирди.
Изоҳ (0)