АҚШнинг Мичиган штати университети тадқиқотчилари полицияга қотиллик қурбонининг Samsung Galaxy S6 смартфонини очишга ёрдам берди. Ускуна қотилликни тергов қилишда муҳим далиллар бериши мумкин, деб хабар бермоқда TJournal.
Полиция олимларга тақдим этган бармоқ изи нусхасининг сифати жуда пастлиги боис у билан смартфонни очиш имкони бўлмади. Шу боис улар бармоқ изи тасвиридаги барча зарурий бўшлиқларни тўлдирувчи алгоритм яратди.
Замонавий смартфонлардаги бармоқ излари сканерлари нафақат тасвирни сканердан ўтказади, балки терининг электр ўтказувчанлигини текширади, шу боис бармоқнинг оддий пластик нусхасини яратишнинг ўзи етарли эмас эди.
Дастлаб тадқиқотчилар бу вазифани бажариш учун 250 минг долларга 3D-принтер ва 600 минг долларга металлик чанг тўкувчи махсус аппарат олишни режалаштирган эди.
Аммо 3D-принтер сифати сканерни «алдаш» учун жуда паст бўлиб чиқди. Натижага эса анча арзонроқ услубда эришилди. Тадқиқотчилар бармоқ изининг икки ўлчамли нусхасини оддий принтер ёрдамида электр ўтказувчи қоғозга тушириб, унинг ёрдамида смартфонни очишга эришди.
Samsung Galaxy S6 бир неча муваффақиятсиз уринишлардан сўнг рақамли код сўрамагани олимларга қўл келди — бундай коднинг йўқлиги боис кўплаб уринишларни истаганча амалга ошириш ва охирида натижага эришиш имконияти бўлди.
Олимларнинг айтишича, улар ишлаб чиққан метод Samsung Galaxy S6 ва Huawei Honor 7 да ишлайди, аммо iPhone 5s ва Meizu MX4 Pro’га таъсир қилмайди.
Изоҳ (0)