Ҳиндистон ҳукумати Саудия Арабистонидаги 10 мингга яқин ишсиз ҳиндистонликни эвакуация қилади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж парламент олдидаги чиқишида маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Ҳеч қайси бир ишчимиз у ерда очликдан азият чекмайди. Мен буни парламент орқали мамлакатга маълум қиламан. Биз барчани Ҳиндистонга қайтарамиз», – деди Сушма Свараж.
Расмий маълумотларга кўра, даромад топиш учун Саудия Арабистонига келган Ҳиндистон фуқароларидан 10 мингга яқини қийин ҳолатда қолиб кетди – нефть нархининг пасайиши уларнинг ишсиз ва пулсиз қолишига сабаб бўлди. Саудиядаги қурилиш ва бошқа компаниялар инқироз туфайли ўз фаолиятини тўхтатишга ва ишчиларни бўшатишга мажбур бўлмоқда. Ишсиз қолганларда на ортга қайтадиган чипта учун ва на озиқ-овқат учун пули бор. Уларнинг аксарияти очликдан азият чекмоқда.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирининг маълум қилишича, Нью-Дели ортга қайтишга имкони бўлмаган фуқароларга гуманитар ёрдам йўналтирди.
Турли ҳисоб-китобларга кўра, Саудия Арабистонида 3 миллионга яқин Ҳиндистон фуқаролари бор. Ишсизларнинг сони кўпайиши кутилмоқда. Шунингдек, қўшни Кувайтдаги ишсизлар сони ҳам кўпайиши мумкин.
Изоҳ (0)