Туркия аҳолисининг ярмидан кўпроғи мамлакатда ўлим жазосининг жорий этилишини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Rai-News-24 телеканали эфирида маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Европадан ташқаридаги кўплаб давлатларда қатл жазоси мавжуд. Туркия халқи ўлим жазоси жорий этилишини талаб қилмоқда. Буни фуқароларнинг 57 фоизи хоҳламоқда. Парламент бундай қарорни ёқлаб овоз берса, унга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди», — деди Эрдўғон.
Мамлакатда муваффақиятсиз ҳарбий тўнтаришга уриниш амалга оширилганидан сўнг ўлим жазосини қайта жорий этиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Европа Иттифоқи бу ташаббусга кескин қарши чиқмоқда, жумладан, Европа ташқи ишлар идораси раҳбари Федерика Могерини, ўлим жазоси тикланса, Туркия Европа Иттифоқига ҳеч қачон аъзо бўла олмаслигини айтиб ўтди. Аммо Эрдўғон Евроиттифоқ Туркия ҳукуматининг ҳаракатлари устидан ҳукм чиқара олмаслигини таъкидлади.
Изоҳ (0)