30 июль, шанба куни «Ҳилол нашр» матбаасига Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов ташриф буюрди. Бу ҳақда «Muslimaat.uz» хабар бермоқда.
Абдулла Орипов билан суҳбат асносида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни хотирлаш, у киши асос солган нашриёт ва унинг ходимлари билан яқиндан танишиш ҳамда у қолдирган илмий мероснинг халқ қўлига қай кўламда етиб бораётгани ҳақида тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида ташриф буюрганини таъкидлаб ўтди.
Нашриёт ходимлари иштирокида давра суҳбати уюштирилди. Суҳбатда Абдулла Орипов Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни билан кечган хотираларини билан ёдга олди.
«Шайх Муҳаммад Содиқ жаноблари юз-икки юз йилда бир келадиган инсонлардан эди. У кишидан биз жуда кўп нарса ўрганганмиз. Дунёқараши ўта кенг, ҳақиқий аллома эди. Халқимизни дунёга танитган чин ўзбек ўғлонларидан, даҳолардан эди. Мен доим айтаман, у кишининг парвозлари Абу Райҳон Беруний, имом Ғаззолийларнинг парвозларига монанд эди…», — деди атоқли шоир.
Абдулла Орипов Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг фарзанди Исмоил Муҳаммад Юсуф билан самимий суҳбат қилиб, олиб бораётган фаолиятига юқори баҳо берди ва бу илм-маърифат йўлида янада бардам бўлишини айтиб, эзгу тилаклар билдирди.
Изоҳ (0)