Биз жазирамадан азоб чекиб, кондиционер ва вентиляторлар билангина жон сақлаб турган бир пайтда, бир неча минг йиллардан буён ҳатто чўлдаги ҳаётни яшашга мослаштирадиган ва сувни деярли музлайдиган даражагача совитадиган қурилмалар мавжуд бўлиб келмоқда, деб ёзади «Chispa1707.livejournal.com».
Бадгирлар — форс шамол тутқичлари бўлиб, улар саҳродаги уйларни салқингина хонага айлантирган. Бунинг устига, улар экзотик эстетика ва дағалроқ бежиримликдан холи эмас.
Бадгирлар қачон пайдо бўлганини ҳеч ким аниқ билмайди, аммо Эронда уларни икки минг йилдан ортиқ вақтдан буён қуриб келишади. Шунга ўхшаш иншоотлар мисрликларда ҳам бўлган, улар «малкаф» деб аталган.
Улар улкан қувур кўринишида бўлиб, бинонинг ертўласидан бошланиб, хоналардан ўтиб, уй тепасигача чиққан. Уларни бекорга шамол тутқичлари деб аташмайди. Бадгирларнинг моҳияти шундан иборатки, улар юзадан ўтадиган ҳар қандай шамолни тутиб, босимлар ўртасидаги фарқ ҳисобига, уни пастга йўналтиради ва бутун бино бўйлаб олиб ўтади.
Ушбу қурилмалар бутун бир бино учун бир вақтнинг ўзида ҳам вентиляция, ҳам радиатор вазифасини ўтайди. Бадгирлар уйни жазирамадан холи қилиш билан бирга, ганатлар, яъни ер ости каналлари ва сув омборларини совитиш учун ҳам фойдаланилган. Бу ҳолатда самарадорлик шунчалик катта бўлганки, омборлардаги сув музлайдиган даражагача совиган.
Изоҳ (0)