Ғузорнинг «Шўртан» клуби апрель ойидан буён бош мураббий вазифасини вақтинчалик бошқариб келаётган Ихтиёр Каримовдан вақтинчалик бошқарувчи қўшимчаларини олиб ташлашга қарор қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмат хабар берди.
Унда Ихтиёр Каримов келиши билан омадсиз мавсумдаги ишлар бирдан юришиб кетгани қайд этилган. Бунинг натижасида «Сўғдиёна», «Андижон», «Олмалиқ», «Обод», «Пахтакор» каби клублар мағлуб этилган.
«Шўртан» раҳбарияти жамоанинг Олий Лига биринчи даврасидаги иштирокини яхши деб баҳолаган. Айни вақтда «Шўртан» турнир жадвалида 11-ўринни эгаллаб турибди. Иштирок ёмон деб топилиши учун «Шўртан» қайси поғонадан пастда бўлиши кераклиги кўрсатилмаган.
«Шундай қилиб, сўнгги уч-тўрт ой давомида ‘Шўртан’ жамоасига янги бош мураббий келиши ёки хорижлик мутахассислар иш бошлаши мумкин қабилидаги турли гап-сўзларга чек қўйилди», деб ёзилади матбуот хизмати хабарида.
Бунга қадар вазифасини вақтинчалик бошқариб турган Ихтиёр Каримовнинг эндиги вазифаси қанча давом этиши, шартнома қанчага мўлжаллангани ҳақида маълумот берилмаган.
Изоҳ (0)