АҚШ Демократик партияси миллий сайловолди съездининг биринчи кунида саҳнага АҚШ шоу-бизнеси юлдузлари чиқди. Уларнинг барчаси партиянинг президентликка номзоди Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлашини билдирди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Чиқишлар кечки пайт бошланиб, беш-етти дақиқадан давом этди. Чиқишларнинг катта қисми ижтимоий мавзуга бағишланди ва йиғилганлар томонидан олқишланди. Айниқса съезд делегатлари Республикачилар номзоди Дональд Трампни қоралаганларни қизғин қўллади. Хусусан, асли мексикалик бўлган актриса Ева Лонгория Трампнинг муҳожирларга қарши риторикасини салбий баҳолади.
Актриса Сара Сильверман илгари Ҳиллари Клинтоннинг рақиби Берни Сандерсни қўллаб-қувватлаганини, аммо энди Клинтон хонимга жон деб овоз беришини айтди. Бунга жавобан Сандерснинг тарафдорлари ўз норозилигини билдирди ва актрисанинг чиқиши бир муддат тўхтатилди.
Бунга қадар полиция панжара ва тўсиқлардан ошиб ўтиб, съезд ўтаётган жойга киришга уринган 40 кишини қўлга олди. Уларнинг бари Ҳиллари Клинтонга қаршилигини изҳор этишга уринган эди.
Изоҳ (0)