Россия Футбол Уюшмаси президенти Виталий Мутко ташкилот ижроқўми йиғилишида мамлакат терма жамоасига бош мураббий бўлиши мумкин бўлган номзодларга тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Спорт-экспресс» нашри хабар берди.
Мутко 14 та телекомпания микрофонлари қаршисида турар экан, ижроқўм давомида Россия миллий терма жамоасига бош мураббий тайинланмаслиги ҳақида журналистларни огоҳлантирди. Унинг айтишига кўра, пайшанба куни RFI техник қўмитаси бу борада 4 нафар номзодни тавсия қилган.
Номзодлар орасидан Станислав Черчесев ҳамда Қурбон Бердиев Мутко билан мулоқотда бўлиб улгурган. Александр Бородюк ҳамда Сергей Семак ҳам Россия терма жамоасини бошқариши мумкин бўлган эҳтимолий номзодлар қаторида кўрсатилган. «Спорт-экспресс» сўнгги икки номзод билан сухбат қурилмаганини Мутконинг «Биз бош мураббий ким бўлишида якдил қарорга келишга анча яқинмиз» деган сўзлари билан изоҳлаган.
Виталий Мутко янги мураббий у билан музокаралар якунига етганидан ва молиявий масалалар тўлиқ келишиб олинганидан сўнг маълум қилинишини қайд этди. Бу борада якуний қарор катта эҳтимол билан 30 июль куни эълон қилиниши мумкин.
Россия миллий терма жамоасини қабул қилиб олиши керак бўлган мутахассис бир вақтнинг ўзида бошқа клубда фаолият олиб бормаслиги таъкидланди. Техник қўмита мураббийнинг Россиядан бўлиши кераклигини маъқул кўрган. Бу нарса эса эҳтимолий муваффақиятсизлик учун Виталий Мутко шахсан жавоб бермаслигини, балки жавобгарлик техник қўмитанинг бўйнида қолишини билдиради.
Сентябрь ойида Россия Футбол Уюшмаси президентлиги учун сайловлар ўтказилади. Ижроқўмда Виталий Мутко унда иштирок этиш ёки этмаслиги масаласига ойдинлик киритмаган. Унинг ўрнига тайинланиши мумкин бўлган президентга амалдаги бош мураббий маъқул келмаслиги ҳам мумкин. Шунга қарамай Мутко бу масалани тезроқ ҳал қилишга бел боғлаган.
Мутко Россия термасининг мураббийлар штаби учун 2 миллион 400 минг доллар ажратилишини маълум қилди. Чиқим бундан бир сентга ҳам кўп бўлмайди. Бонуслар ва мукофот пуллари, табиийки, бунда акс этмаган.
Изоҳ (0)