Покистон полицияси «Олға, Покистон!» сиёсий ҳаракати етакчиси Миён Воҳидни ҳибсга олди. Бу ҳақда, Dawn газетасига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Миён Воҳид мамлакат қуролли кучлари қўмондонлигини ҳарбий тўнтариш уюштириб, ҳокимиятни қўлга олишга чақириб келаётган эди. 13 июль куни Исломобод, Карачи, Лахор, Пешовар ва Равалпинди кўчаларида «Олға, Покистон!» фаоллари қуруқлик қўшинлари штаби бошлиғи генерал Рахил Шарифни Навоз Шариф ҳукуматини ағдариб, ҳокимиятни қўлга олишга ундовчи плакатларни осиб чиққан эди.
Миён Воҳид Исломобод четидаги меҳмонхоналардан бирида қўлга олинди. Айни пайтда у ҳарбий тўнтариш ташкил этишга уринишда айбланмоқда.
1947 йилда ташкил топган Покистон тарихида ҳарбийлар тўрт марта — 1958, 1969, 1977 ва 1999 йилларда тўнтариш уюштириб, ҳокимиятни қўлга олган.
Изоҳ (0)