Буюк Британия жорий йилда Лиссабон шартномасининг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиш тартибини белгилаб берувчи 50-моддасини қўлламайди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати юристи Жейсон Коппел Юқори судда баёнот берди, деб ёзмоқда «Интерфакс».
Бу билан Британия 2016 йилда Евроиттифоқ таркибидан чиқиш жараёнини бошламаслигини билдирди.
Илгарироқ мамлакат бош вазири Тереза Мэй Лиссабон шартномасининг 50-моддасидан жорий йилда фойдаланилмаслигини айтиб ўтган эди. Brexit тарафдорлари ҳам жараённи дарҳол бошламасдан, Евроиттифоқ ва Еврокомиссия билан бу борада норасмий музокаралар ўтказишни таклиф қилган эди. Евроиттифоқ вакиллари, ўз навбатида, 50-модда амалга киритилмагунига қадар расмий Лондон билан ҳеч қандай музокаралар олиб бормаслигини маълум қилмоқда.
Лиссабон шартномасининг 50-моддаси шу пайтга қадар бирор марта амалда қўлланмаган.
Изоҳ (0)