Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 21 сентябрда «Симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурсларини тўплаш ва уларни утилизация қилишни ташкил этиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ ўтган даврда ишлатиб бўлинган симобли лампаларни тўплаш ва уларни утилизация қилиш бўйича тизимнинг яратилиши таъминланди. Жорий йилнинг 28 июнида мазкур қарорга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши ишлатиб бўлинган ёки фойдаланиш учун яроқсиз симобли лампаларни тўплаш, утилизация қилишни ташкил этиш, шунингдек, атроф-муҳитни симоб билан ифлосланишдан муҳофаза қилиш ишларини такомиллаштириш имконини яратди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Янги тартибга мувофиқ, люминесцент лампаларни қайта ишлашга топширган аҳоли учун чегирма миқдори 5 фоиздан 10 фоизга қадар оширилди. Яъни, ишлатиб бўлинган симобли лампаларни (ишлаб чиқарувчи корхонадан қатъи назар) қайтарган одам мамлакатда ишлаб чиқарилган энергияни тежайдиган янги лампани 10 фоиз пастроқ нархда харид қилиш имкониятига эга бўлади.
Шу пайтга қадар бу турдаги чиқиндиларни тўплашда махсус идишлардан фойдаланилган бўлса, эндиликда бу жараёнда лампаларни шикастламайдиган ва улардаги симобли моддаларнинг ҳавога чиқиши, сув манбалари, тупроқ ва озиқ-овқат маҳсулотларига тушишининг олдини олувчи махсус ўрнатилган контейнерлардан фойдаланиш тартиби жорий қилинди.
Симобли лампаларни аҳолига савдо шохобчалари, шунингдек, фирма дўконлари, ишлаб чиқарувчи ҳамда импорт қилувчи корхоналарнинг ваколатхоналарида сотадиган тадбиркорлик субъектлари симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурсларини қабул қилиб олишга мажбур.
Яна бир ўзгартириш симобли чиқиндиларни ташишга тааллуқлидир. Хусусан, маиший чиқиндиларни тўплаш пунктларида йиғилган симобли лампаларни утилизация қилиш ташкилотларигача транспортда етказиб бериш билан ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари ҳамда ободонлаштириш бошқармалари шуғулланиши белгиланди. Шу пайтга қадар бу вазифа «Махсустранс» ишлаб чиқариш бирлашмасига бириктирилган эди.
«Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компаниясига энергияни тежайдиган лампаларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ва маҳаллий ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда аҳолидан ишлатиб бўлинган симобли лампаларни қабул қилиб олиш ва утилизация қилиш ташкилотларига бериш учун энергияни тежайдиган лампаларни турғун савдо шохобчалари орқали сотувчи савдо объектларини жойлаштириш вазифаси юклатилди.
Изоҳ (0)