14 июль куни Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Корея Республикасининг Ахборот технологиялари саноатини ривожлантириш бўйича Миллий агентлиги (NIPA) президенти Юн Жонг Лок билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
NIPA делегацияси Тошкентда бўлиб ўтаётган очиқ ва эркин дастурий таъминот маҳсулотларига бағишланган Ўзбек-Корея форуми муносабати билан Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Учрашув давомида очиқ ва эркин дастурий таъминот маҳсулотлари саноатини ривожлантиришнинг халқаро тенденциялари, унинг жамият ривожидаги аҳамияти муҳокама қилинди. Жумладан, очиқ дастурлардан электрон ҳукумат тизими ҳамда таълим жараёнида фойдаланишнинг муҳим жиҳатлари қайд этилди. Томонлар мазкур йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистонда эркин софтвейр соҳасининг истиқболлари тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, меҳмон Ўзбекистонда ахборотлаштириш, «электрон ҳукумат» тизимини жорий қилиш, жамият ҳаётида замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг татбиқ этилишига оид маълумотлар билан таништирилди.
NIPA Миллий агентлигига 1998 йилда асос солинган бўлиб, муассаса давлат ташкилоти ҳисобланади. Ушбу давлат органи Корея Республикасида дастурий таъминот маҳсулотлари саноати ҳамда ахборот технологиялари соҳаси ривожланиши учун масъул ҳисобланади. NIPA агентлиги Илм-фан, АКТ ва Корея Республикаси истиқболини режалаштириш вазирлиги таркибига киради.
Изоҳ (0)