44-бор ўтазилган “Interemnia World Cup—2016” турнири ўзбекистонлик гандболчиларнинг ғалабаси билан якунига етди.
«Sports.uz» сайтида мусобақа 16 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида ташкил этилгани қайд этилган. Мазкур нашрга манба кўрсатган «Myday.uz» эса турнирда 1999—2000 йилларда туғилган спортчилар қатнашганини эътироф этиб, ганболчи ёшларимиз Жаҳон Чемпионлигини қўлга киритганига эътибор қаратган.“Interemnia World Cup—2016” турнири расмий сайти 18 ёшгача бўлган гандболчилар ўртасидаги Жаҳон Кубогида Ўзбекистон номидан “Tashkent Collage” жамоаси иштирок этганини кўрсатган. Мусобақада қатнашган 15 та жамоадан ҳеч бири мамлакат номи билан юритилмаган.
“Tashkent Collage” турнирнинг «B» гуруҳида Дания ҳамда Франциянинг 2 тадан, Италия ва Ливаннинг эса 1 тадан жамаосига қарши кураш олиб борди. Гуруҳ ўйинлари якунига кўра Даниянинг “Hillerod HK” клуби 1-ўринни, “Tashkent Collage” эса 2-ўринни қўлга киритди.
Чорак финалда ўзбекистонлик спортчилар Франциянинг “Courseulles HBC” клубини 21:18 ҳисобида мағлуб этди. Ярим финалда эса Даниянинг “Furesoe HC” жамоаси 13:9 ҳисобида таслим қилинди.
Ҳал қилувчи финал ўйинида Германиянинг “JSG Echaz Erms” жамоаси устидан 16:15 ҳисобида зафар қучган “Tashkent Collage” фестиваль ғолиблигини қўлга киритди.
Маълумот учун, ганбол бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати 2015 йил Россияда, ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати эса 2015 йил Бразилияда бўлиб ўтган. Ҳар икки мусобақада ҳам Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этмаган.
Изоҳ (0)