АҚШ бош прокурори Лоретта Линч собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг электрон ёзишмалари ҳақидаги иш ёпилишини маълум қилди. Бу Ҳилларининг давлат хизмати давомида шахсий почта қутисидан фойдаланганлиги билан боғлиқ эди. Бу ҳақда, Reuters агентлиги маълумотига таяниб, «Ведомости» хабар берди.
«Бир йилга қадар давом этган ҳар томонлама суриштирув ёпилиши кераклиги ҳақидаги Федерал қидирув бюроси томонидан бир овоздан берилган тавсияни қабул қилдим. Иш доирасида ҳеч кимга нисбатан ҳеч қандай айблов эълон қилинмайди», — деди бош прокурор.
Куни кеча АҚШ Федерал қидирув бюроси АҚШ Адлия вазирлигига шахсий почта қутисидан хизмат мақсадларида фойдаланганлик иши юзасидан тергов якуни бўйича президентлик лавозимига Демократик партиядан номзод Ҳиллари Клинтонни жавобгарликка тортмасликни тавсия қилди. Бу тавсия мажбурий тусга эга бўлмаса-да, бош прокурор уни инобатга олди.