НАТОнинг 8–9 июль кунлари Варшавада бўлиб ўтадиган саммитида 18 президент, 21 ҳукумат раҳбари, 41 ташқи ишлар вазири, 39 мудофаа вазири иштирок этади. Бу ҳақда, Польша матбуот агентлигига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Саммитда иштирок этиш учун 2103 киши, 26 НАТО давлати ва 26 ҳамкор давлатлардан 65 делегация, шунингдек, БМТ, Евроиттифоқ, Жаҳон банки ва НАТО штаб-квартираси вакиллари рўйхатдан ўтди. Улар Варшавадаги Миллий стадионда, футбол майдонида тикланган чодирда тўпланади. Ичкарида йиғилиш заллари, делегациялар учун хоналар, шу жумладан, Оқ Уйдаги овал кабинетнинг айнан нусхаси бўлмиш АҚШ президенти кабинети ташкил этилади.
7 июль куни Польша президенти Анжей Дуда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг бошчилигидаги делегация билан учрашади. 8 июлда улар «НАТО тинчлик ҳимоясида: 2016 ва ундан кейин» мавзуидаги халқаро экспертлар конференциясининг очилиш маросимида иштирок этади. Ўша куни маҳаллий вақт билан соат 15:30 да давлат ва ҳукумат раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтади. Унда НАТО шарқий қанотини мустаҳкамлашга қаратилган қарорлар қабул қилиниши мумкин.
Саммитнинг иккинчи куни Афғонистон ҳақидаги баҳслардан бошланади. Куннинг иккинчи ярмида Евроиттифоқ билан ҳамкорликка бағишланган сессия бўлиб, унда иттифоқ раиси Дональд Туск ва Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер қатнашади. Маҳаллий вақт билан соат 15:00 да Украинага бағишланган йиғилиш ўтказилади. Саммит соат 17:00 да якунланади.
Саммит ишини 2 минг журналист ёритиб боради. Саммитда хавфсизликни 6 минг полициячи таъминлайди.
Изоҳ (0)