Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида биринчи давра ўйинларига якун ясалди. Унинг доирасида қолдирилган фақатгина 1 та учрашув бор: «Локомотив» — «Қизилқум».
15-турга келиб мамлакат чемпионлиги учун кураш олиб бораётган «Локомотив» ва «Бунёдкор» клублари ўзаро тўқнаш келди. Равшан Эрматов бошқариб борган ўйинда ҳисоб очилмади — 0:0.15 та ўйинда майдонга тушган «Бунёдкор» 37 очко билан турнир жадвалини бошқариб турибди. 36 очкога эга бўлиб турган «Локомотив» қолдирилган ўйиндаги ғалабаси эвазига пешқадамга айланиб олиши мумкин. Тўплар нисбатида «Бунёдкор»да яхшироқ бўлгани учун, бу борада «темирйўлчилар»ни дуранг қаноатлантирмайди.
Рўзиқул Бердиев мураббийлигидаги «Насаф» биринчи даврани 3-ўринда якунлади. Ваҳоланки Қарши клуби 15-турда «Машъал» меҳмони бўлиб, мағлубият аламини тотиб кўрганди. «Championat.asia» маълумотига кўра, қаршиликлар 10 та беллашувдан буён Муборак шаҳридан 3 очко билан қайта олмайди.
15-турни мағлубият билан якунлаган «Насаф» ва «Металлург» клублари ҳисобида 28 тадан очко бор. «Қизилқум» Жиззахда очко йўқотгани учун, 27 очкога эга бўлиб турган «Пахтакор» 1-даврани 5-ўринда якунлайдиган бўлди.
Мазкур турдаги ғалаба Фарғонанинг «Нефтчи» клубини 9-ўринга, «Навбаҳор»ни 13-ўринга олиб чиқди. Турнир жадвалининг сўнгги уч поғонасидан иккитасини водийнинг бошқа клублари — «Андижон» ва «Қўқон—1912» 9 очко билан банд этган.
Олий Лига дебютанти «Обод» биринчи давранинг 2 та ўйинида зафар қучди ва 2 марта дуранг ўйнади. 11 та беллашувда имкониятни бой берган тошкентликлар ҳисобида 8 очко мавжуд.
Ўзбекистон Олий Лигаси 15-тур беллашувлари 1 июль, жума
Изоҳ (0)