27—29 июнь кунлари Бухоро шаҳрида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган 112 нафар йигит ва қиз аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш бўйича ўз билимлари, шифокор келгунча биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмалари, турли ускуна-анжомлардан фойдаланиш ва қисқа муддатда тўғри қарор қабул қила олиш маҳоратини намойиш қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган 14 жамоа мусобақаларнинг бешта босқичидан ўтиши лозим эди. Бухоро вилоятининг «Шижоат» жамоаси энг яхши жамоа деб эълон қилинди. Иккинчи ўрин Тошкент вилоятининг «Кимёгар» жамоасига насиб қилди, учинчи ўринни эса Тошкент шаҳрининг «Фидокор» жамоаси эгаллади.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, қатнашчиларнинг хавфсизлигини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари назорат қилиб турди.
Мусобақалар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Камолот» Ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилди. Ўзбекистондаги БМТнинг Тараққиёт Дастури ҳамда Гуманитар ёрдам ва фуқаролик муҳофазаси бўйича Европа комиссиясининг фалокатларга тайёргарлик кўриш бўйича департаментининг DIPECHO IX дастури томонидан молиявий кўмак кўрсатилди.
Изоҳ (0)