Россиянинг «Матч ТВ» шарҳловчиси Александр Елагин UzReport TV телеканали орқали Евро–2016 мусобақасининг плей-офф босқичидан бошлаб ўйинларни шарҳлаш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди ва бир нечта ўйинларни шарҳлашга ҳам улгурди.
Александр Елагиннинг Ўзбекистонга ташрифи биринчи марта эмас. У шу йилнинг январь ойида Тошкентга келган ва Англия Премьер-лигаси 22-туридан ўрин олган 4 та ўйинни тўғридан-тўғри эфирда шарҳлаган эди.
«ОшМакон» футбол мухлислари клуби ҳамда UzReport TV ташаббуси билан ташкил этилган ва «Дарё» мухбири иштирок этган тадбирда таниқли шарҳловчи Тошкентга дастлабки ташрифи ҳақидаги таассуротлари ва ўз ишига бўлган муносабати ҳақида сўзлаб берди.
«Ўзбекистонга биринчи марта шу йилнинг январь ойида, UzReport TV раҳбари Равшан Жўраевнинг таклифига биноан келгандим. Ўшанда жаннатга тушиб қолгандек бўлдим. Москванинг даҳшатли ва совуқ қишидан сўнг Тошкентга келиш – ҳайратланарли! Ўзбеклар меҳмондўст халқ эканини эшитгандим, аммо буни ўз кўзим билан кўриб ҳақиқат эканини англадим. Москванинг -20 даража совуғидан кейин Тошкентнинг +10 даража илиқлиги мени қайтадан дунёга келтиргандек бўлди. Ҳақиқий жаннат!», – деди Александр Елагин.
«Ўзбекистонда ҳозирча фақат Самарқанд шаҳрида бўлдим. У ҳам бўлса биринчи марта келганимда. Ростини айтсам, мени турли жойларга таклиф қилишяпти, аммо бўш вақтим деярли йўқ. Ишимга бўлган муносабатим жиддий ва буни мухлисларга етказишни истайман. Олдинда Евро–2016 турнирининг яна 7 ўйини бор. Ўз устимда ишлашим керак. Бўш вақтимда эса иложи борича ҳордиқ чиқаришга ҳаракат қиламан», – дея қўшимча қилди россиялик шарҳловчи.
Эслатиб ўтамиз, Александр Елагин Ўзбекистонга биринчи ташрифи чоғида Боткина номидаги қабристонда жойлашган «Пахтакор-79» хотира мажмуасига бориб, 1979 йили фожиали тарзда ҳалок бўлган футболчилар ва мураббийлар хотирасига ҳурмат бажо келтирган эди.
Изоҳ (0)