Хитой интернет-ахборот ишлари бўйича давлат девонхонаси мобил дастурлар устидан назоратни кучайтиради. Бу ҳақда, «Хуаньцю Шибао» газетаси маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
28 июнь, сешанба куни эълон қилинган қарорга мувофиқ, ишлаб чиқарувчилар дастурлар фойдаланувчиларини ҳақиқий исми билан рўйхатдан ўтказишга ҳамда уларнинг дастурлари ёрдамида жойлаштириладиган ахборотлар мониторингини юритишга мажбур бўлади. Шахсларнинг Хитой қонунчилигини бузувчи қайдлари мажбурий тарзда ёпилади.
Ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, фойдаланувчилар фаоллиги ҳақидаги ахборотни камида 60 кун давомида сақлаши керак бўлади.
Янги қоидалар жорий йилнинг 1 август кунидан ишга тушади. Қарорда таъкидланишича, улар мобил интернетнинг хитойлик фойдаланувчиларини терроризм, фирибгарлик, порнография, миш-мишлар тарқатиш ва ахборот ўғирлаш таҳдидидан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Изоҳ (0)