Афғонистондан Тожикистон ҳудудига гиёҳванд моддалар олиб киришга бўлган навбатдаги уриниш чегарада бартараф этилди. Бу ҳақда, Тожикистон президенти ҳузуридаги гиёҳванд моддалар назорати бўйича агентликка асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
22 июндан 23 июнга ўтар кечаси агентликнинг Хатлон вилояти бошқармаси ходимлари чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда контрабандачиларни тўхтатиб қолди. Тўрт нафар контрабандачи чегарани бузиб ўтиб, Тожикистоннинг ичига кирди. Ҳарбийлар қонунбузарларнинг жойлашувини аниқлаб, уларнинг олдига қуролларини топшириш талабини қўйди. Бунга жавобан жиноятчилар ўт очди. Отишма асносида контрабандачиларнинг уч нафари Афғонистонга қайтиб ўтиб кетди. Отишма жойида 25–30 ёш атрофидаги эркакнинг жасади топилди. У контарабандачилардан бири эканлиги айтилмоқда.
Воқеа жойида 3 қопда гиёҳванд моддалар ташлаб кетилгани аниқланди. Экспертиза хулосасига кўра, қопларда 23,14 килограмм афюн ва 945 грамм гашиш моддаси бор.
Мусодара қилинган наркотикнинг умумий ҳажми — 24,085 килограмм.
Изоҳ (0)