Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Нигина Шарипова Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда муваффақиятли иштирок этиб, Рио–2016 Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун белгиланган меъёрни бажарди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
200 метр масофага югуриш баҳсларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчи белгиланган масофани 23,17 сонияда босиб ўтиб (меъёр 23,20 сония), кумуш медаль билан бирга Рио–2016 Олимпиада ўйинларига яна бир йўлланмани қўлга киритди.
Аввалроқ Нигина Шарипова шу йилнинг май ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро мусобақада 100 метр масофага югуриш баҳсларида 11,31 сония (меъёр 11,32 сония) натижа қайд этиб, Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланма олганди.
21 июнь ҳолатига кўра, ўзбекистонлик енгил атлетикачилар томонидан Олимпиада ўйинларига 16 та йўлланма қўлга киритилди. 16 та Олимпиада йўлланмалари бўйича 14 нафар ўзбекистонлик спортчи Рио—2016 Олимпиадасида иштирок этади. Ситора Ҳамидова (42 195 ва 10 000 метр) ҳамда Нигина Шарипова (100 ва 200 метр) икки хил масофага югуриш мусобақаларида қатнашиш учун йўлланма олган.
Изоҳ (0)