БМТ Ироқнинг ҳукумат қўшинлари ва ИШИД террорчилик гуруҳи жангариларининг жанговар ҳаракатлари бўлиб ўтаётган Ал-Фаллужа шаҳри аҳолисига тезликда гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 15 миллион доллар ажратди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
БМТ матбуот хизматининг маълум қилишича, маблағ ажратиш ҳақидаги қарорни бош котибнинг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Стивен О’Брайен қабул қилган.
«Ал-Фаллужани тарк этаётган одамлар ҳозирнинг ўзида, айни дақиқада ёрдамга муҳтождир. Вазият ижтимоий ҳалокатга айланиб кетмасдан, тезкор ҳаракат қилишимиз лозим. Бу маблағлар ўта муҳим, бироқ бу зудлик билан керак бўлган маблағнинг кичик қисмидир», — деди О’Брайен.
Аввалроқ БМТ мамлакатлар ва хусусий донорларни Ироқда ижтимоий операцияларни амалга ошириш учун 861 миллион доллар ажратишга чақирган эди. Бироқ ҳозиргача сўралган сумманинг фақат 36 фоизи тўпланган. Бундан ташқари, Бутунжаҳон ташкилотининг баҳолашича, Ал-Фаллужа аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун қўшимча 61 миллион доллар керак бўлади.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)