Гужорат штатининг Аҳмадобод шаҳрида (Ҳиндистон) истиқомат қилувчи бизнесмен Махеш Савани бутун дунё миқёсида нишонланадиган Оталар куни муносабати билан бир йўла 472 қизининг табрикларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Бу «қизлар» ўз оталарини йўқотган бўлиб, мана ўн йилдирки Саванининг васийлигида яшаб келади. Бизнесменнинг укаси кутилмаганда ҳаётдан кўз юмиб, икки қизини етим қолдириб кетганидан сўнг тижоратчи шу аҳволга тушган бошқа қизларга ҳам ёрдам беришга қарор қилди. У ўзининг юзлаб «қизлари»га нафақат моддий ёрдам кўрсатади, балки уларнинг тўйларини муносиб шаклда ўтказади, оилавий ҳаётларига ҳам эътибор қаратади.
Кўчмас мулк, бриллиантлар савдоси билан шуғулланувчи ҳамда ўқув муассасалари тармоғига эгалик қилувчи Савани оддий деҳқон оиласида туғилиб ўсган. Унинг отаси Валлаббҳай Арабистон денгизи қирғоғида жойлашган Рапард қишлоғидан тирикчилик мақсадида Аҳмадободга ташриф буюрган эди. Қирқ йил муқаддам олмос қирраловчи сифатида иш бошлаган Савани эндиликда ҳар бир қизининг тўйига 400 минг рупия (6 минг доллардан кўпроқ) ажратишга қодир. Жорий йил бошидан буён у 216 та мана шундай тўй ўтказди ва ҳар бирида келиннинг вакил отаси сифатида иштирок этди.
Изоҳ (0)