EgyptAir авиакомпаниясининг май ойида ҳалокатга учраган A320 самолётининг борт ўзиёзарларига кучли шикаст етган ва улар расшифровкадан олдин қайта тикланиши лозим. Бу ҳақда, Associated Press агентлиги маълумотига таяниб, «РБК» хабар берди.
Агентлик манбаси «қора қутилар» қанча вақт давомида тикланишига аниқлик киритмаган, бироқ агар Миср уларни қайта тиклашга муваффақ бўлмаса, улар четга юборилишини таъкидлаб ўтган.
Ҳалокатга учраган самолётнинг биринчи ўзиёзари Ўртаер денгизидан 16 июнь куни топилган эди. «Қора қути»га шикаст етганлигига қарамасдан, мутахассислар унинг хотира блокини юзага чиқаришга эришган эди. Иккинчи «қора қути»ни қутқарувчилар 17 июнь куни топди.
Эслатиб ўтамиз, 19 май куни Париждан Қоҳирага MS804 рейсини амалга ошираётган, бортида 66 киши бўлган A320 самолёти Қоҳира аэропортига қўнишига тахминан 35 дақиқа қолганда, эндигина Миср ҳаво ҳудудига кирганда радарлар экранидан йўқолган эди. Кейинроқ унинг бўлаклари Грециянинг Карпатос оролларидан топилди.
Изоҳ (0)