15 июнь куни Тошкент шаҳридаги Next савдо-кўнгилочар мажмуасида махсус тактик машғулотлар ўтказилди. Бу ҳақда, муассаса матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Машғулотлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Қизил ярим ой жамияти иштирокида ўтказилди.
Савдо-кўнгилочар мажмуасидай йирик ва гавжум объект биринчи марта бундай тадбир ўтказиладиган жой сифатида танланди. Next’га кунига 10 минг киши ташриф буюради. Кўплар мажмуага оилавий келади.
Машғулотдан кўзланган мақсад ер қимирлаши ва ёнғин оқибатларини бартараф этиш бўйича амалий вазифалар ижросини машқ қилиш, ташрифчилар ва персонални хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, қутқарув ва қайта тиклаш операцияларини бажариш кўникмаларини ошириш эди.
Мажмуа ишчилари машғулотларга жалб қилинган мутахассислар билан биргаликда ташрифчиларни захира чиқишлар ҳамда тўртинчи қаватдаги деразалардан эвакуация қилиш, томда келиб чиққан ёнғинни ўчириш, лифтда қолиб кетган одамларни чиқариб олишда қатнашиш, шунингдек, воқеа жойида тиббий ҳамда психологик ёрдам кўрсатишни машқ қилди.
2014 йилдан бери мажмуада 40 нафар ходимдан иборат фуқаролик ҳимояси гуруҳлари ишлайди.
Изоҳ (0)