АҚШда давом этаётган футбол бўйича Америка Кубоги–2016 турнирининг «B» гуруҳи сўнгги, 3-тур учрашувлари якунига етди. Мусобақа фаворитларидан бири сифатида эътироф этилган Бразилия терма жамоаси сўнгги турда Перудан 0:1 ҳисобида енгилиб, мусобақа билан хайрлашди.
Учрашувдаги ягона голга 75-дақиқада Перу ҳужумчиси Рауль Руидиас муаллифлик қилди. Перулик футболчи тўпни қўли билан рақиб дарвозасига киритди ва бу ҳолат катта тортишувларга сабаб бўлди. Бироқ ҳакам вазиятдан бироз четда қолганлиги учун Руидиаснинг қўли билан ўйнаганини кўрмади ва голни инобатга олди.
Шундай қилиб, Перу термаси учта ўйинда 7 очко тўплаган ҳолда гуруҳдан биринчи ўрин билан чорак финалга чиқди. 4 очко жамғарган Бразилия гуруҳда қолиб кетди.
«B» гуруҳининг бошқа бир ўйинида Эквадор термаси Гаити футболчилари билан куч синашди. Унда 4:0 ҳисобида эквадорликлар зафар қучди.
Мазкур ғалабадан кейин очколари сонини 5 тага етказган Эквадор гуруҳдан иккинчи ўрин билан плей-офф босқичига йўл олди. Гаити ўтказилган учта ўйиндан бирортасида ҳам очко тўплай олмади.
Америка Кубоги–201613 июнь, душанба«B» гуруҳи, 3-тур
Изоҳ (0)