Россия футбол иттифоқи раҳбари, спорт вазири Виталий Мутко россиялик тўрт футболчи Европа чемпионати доирасида Англия терма жамоасига қарши бўлиб ўтадиган учрашув арафасида кутилмаганда қўшимча допинг синовидан ўтказилганини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
«Ҳозир Россия спортига ва футболига, айниқса ҳар хил фильмлардан сўнг, эътибор катта, босим ҳам катта. Бугун ва кеча кетма-кет иккита допинг-назорат ўтказилди. Терма жамоа бунга тўғри муносабатда бўлди», — деди у «Р-Спорт»га берган интервьюсида.
«Бирор нарсани яшириш мумкин эмас, жамоа бу ерда назорат остида. Биринчи кун келганимизда ўн киши текширилди, кейин яна, кеча, бугун. Бу тўртинчи марта допинг-назорат ўтказилиши, ҳеч қандай муаммо бўлмади. Бугун тўрт кишини текширишди. Россиялик спортчиларнинг яширадиган нарсаси йўқ... Мана ҳозир Европа чемпионатида ҳар куни ё ҳар икки кунда жамоамиз текшириляпти. Бошқа жамоаларга ҳам муносабат шунақа деб умид қиламан», — қўшимча қилди Мутко.
Россия ва Англия ўртасидаги учрашув мусобақанинг иккинчи куни доирасида ўтказилади.
Изоҳ (0)