Давлат божхона қўмитаси томонидан Олий ҳарбий божхона институтида «‘Навоий’ эркин индустриал иқтисодий зонаси, ‘Ангрен’ ва ‘Жиззах’ махсус индустриал зоналарида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига берилаётган божхона имтиёзларининг аҳамияти» мавзусида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Тадбирда таъкидланганидек, «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасида рўйхатга олинган хўжалик юритувчи субъектлар ушбу зона фаолият кўрсатадиган бутун муддатга, яъни 30 йилга (ушбу муддат узайтирилиши мумкин) экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хориждан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, шунингдек, хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар божхона тўловларидан озод қилинади.
2015 йилда «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасида рўйхатга олинган хўжалик юритувчи субъектларга божхона тўловларидан жами 26,8 миллиард сўм миқдорида имтиёзлар берилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида ушбу кўрсаткич 3,2 миллиард сўмни ташкил қилди.
2015 йилда «Ангрен» (116,3 миллиард сўм) ва «Жиззах» (45,2 миллиард сўм) махсус индустриал зоналарида рўйхатга олинган хўжалик юритувчи субъектларга божхона тўловларидан жами 161,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзлар берилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида ушбу кўрсаткич «Ангрен» махсус индустриал зонаси бўйича 32,2 миллиард сўмни ва «Жиззах» махсус индустриал зонаси бўйича эса 44,4 миллиард сўмни ташкил қилди.
Анжуманда «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси, «Ангрен» ва «Жиззах» махсус индустриал зоналарида рўйхатга олинган хўжалик юритувчи субъектларга ушбу зоналар учун жорий қилинган имтиёзлардан ташқари жорий қилинган божхона тўловларига оид бошқа имтиёзлар юзасидан ҳам маълумотлар берилди.
Изоҳ (0)