2016 йилнинг 9—10 июнь кунлари «Ўзкўргазмасавдо маркази» ҳудудида Тошкент шаҳар Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Уни аввал ўтказилган ҳудудий ярмаркалардан ажратиб турувчи хусусияти шундаки, у Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бирлаштирилган саноат потенциалини ифодалайди. Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 17,5 мингдан зиёд саноат корхонаси фаолият кўрсатиб, улардан қарийб 16,8 мингтаси ҳудудий тасарруфдаги корхона ҳисобланади.
Жорий йилда шаҳар ва вилоятнинг саноат потенциалини акс эттирувчи эксклюзив стендларда, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўзлаштирилаётган ва ўзлаштирилиши таклиф этилаётган ҳамда ўзлаштирилган саноат маҳсулотлари намуналарини намойиш этаётган иштирокчи корхоналарнинг сони қарийб 400 тани ташкил этди (2015 йилга нисбатан 1,2 маротаба кўп).
Саноат ишлаб чиқаришнинг деярли барча тармоқлари маҳсулотлари намойиш қилиниб, булар жумласига электротехника (маиший электр товарлари ишлаб чиқариш билан бирга), металлургия, машинасозлик, қурилиш материаллари саноати, фармацевтика, тиббиёт, озиқ-овқат ва қайта ишлаш, енгил саноат, чарм-пойафзал, кимё, мебель, чинни маҳсулотлари, полиграфия ва бошқалар киради. Шунингдек, инновацион технологиялар бўйича ишлаб чиқарилаётган ва кенг кўламдаги халқ истеъмоли маҳсулотлари, спорт товарлари ва болалар учун маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
2015 йилги Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси доирасида ўтган ярмарка кўрсаткичларидан 1,2 марта кўпроқ 66,5 миллиард сўмлик шартномалар имзоланган. Иштирокчилар томонидан маҳсулотларини экспортга етказиб бериш учун 88,8 миллион доллар ҳажмидаги шартномалар имзоланди. Жорий йилда 72 миллиард сўмлик шартномалар ва 100 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)