Dono Productions кинокомпанияси томонидан яратилаётган «Мафтунингман-2» кинофильми кастингининг биринчи босқичи 7 июнь санасида Тошкент шаҳрида ўтказилди. Бу ҳақда «Даракчи.uz» хабар бермоқда.
Илгарироқ кинофильмда роль ижро этиш учун бутун Ўзбекистон бўйлаб кастинг эълон қилингани айтилган эди.
8 июнь куни «Мафтунингман» фильми юлдузлари — Ўзбекистон халқ артисти, профессор Турғун Азизов ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Клара Жалиловалар кастинг жараёнига қўшилди.
Улар «Мафтунингман» фильмини суратга олиш жараёнини эсга олди, шу билан бирга, «Мафтунингман-2» фильмига ўз муносабатини билдирди.
«Ўшанда 22–23 ёшларда эдим, — эслайди Турғун Азизов. — Театр билим юртини тамомлагач, актёр сифатида ўз фаолиятимни бошлаган эдим. Ҳар куни трамвайда иш жойим, Ҳадрада жойлашган театрга қатнардим. Бир куни трамвайда кетаётсам, нотаниш киши менга узоқ тикилди. Сўнг бекатида туша туриб менга: ‘Театрдан нечада бўшайсан? Репетициядан сўнг менинг олдимга, Шайхонтоҳурдаги киностудияга бир кириб кетгин, мен Йўлдош ака бўламан’ деди. Ҳайрон бўлиб, ‘Ҳа майли’ деб жавоб бердим. Репетициядан сўнг, театрдаги раҳбарим мени йўлдан қайтаришига қарамай, киностудияга йўл олдим. Борсам, рақс саҳнаси декорацияси тайёр, фильмдаги ҳамроҳим ҳам ўша ерда экан. Менга сценарийни беришди. Бир оз тайёрлангач, суратга олиш ишлари бошланди. Ролимни ижро этгач, уйга қайтдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, мени ролга тасдиқлашгани ҳақида хабар қилишди. Аммо театрдан менга рухсат беришмади. ‘Уларга сен керак бўлсанг, сенинг вақтингга қараб ишласин, бу театрдаги ижодингга халал бермасин’ дейишди. Йўлдош ака бу шартга кўниб, мен билан кундузи, театрдан бўш вақтимда ишлайдиган бўлди. Вилоятларда суратга олиш ишлари бошланганда, мени эрталаб 4 яримда вилоятларга газета, журналлар тарқатадиган почта самолётда вилоятга етказишарди. Кечки 5 ларда яна ўша самолётда Тошкентга учардим. Чунки соат 21:00 да спектаклим бошланарди».
«Афғонистондан Хиёл исмли қўшиқчи келиб, ёшлар орасидан бўлажак қўшиқчиларни саралаган, — дейди Клара Жалилова. — Овозим ва кўринишим унга манзур келиб, мени танлаб олган. Шундан сўнг қўшиқчи сифатида ижодимни бошлаганман. ‘Мафтунингман’ фильми суратга олинишидан анча аввалроқ мен яхшигина танилиб қолгандим. Лекин Йўлдош Агзамов мени бўйи паст ва жуда озғин деб фильмга олишни истамаган. Анчагача сўзида қатъий туриб олган. Ростдан ҳам бўйим паст, жуда озғин эдим. ‘Дўппи тикдим’ қўшиғининг муаллифи Мутал Бурхонов эса қўшиқни айнан Клара учун ёзганман деб хархаша қилган. Охири Йўлдош ака мени қабул қилишга рози бўлган. Оёғимга баланд пошна, устимга қават-қават либос кийдириб суратга олиш ишларини бошлаб юборишган».
Турғун Азизов ва Клара Жалилова «Мафтунингман-2» фильмини суратга олишда кўпроқ замонавийликка эътибор қаратиш лозимлигини айтиб, ижодкорларга омад ва ишларининг ривожини тилаб оқ фотиҳа берди.
Фильм кастинги 15 июнга қадар давом этади.
Изоҳ (0)