Microsoft олимлари фойдаланувчилар сўров берган қидирув массивлари баъзи ҳолларда ошқозон ости бези саратонини уларга ташхис қўйилишидан олдин аниқлашда қўл келиши мумкинлигини исботлаб берди. Бу ҳақда, The New York Times нашрига асосланиб, TJournal хабар бермоқда.
Тадқиқот 7 июнь куни The Journal of Oncology Practice’да чоп этилди. Мақола муаллифлари — доктор Эрик Хоровитц ва доктор Райен Уайт — Microsoft вакиллари ҳамда Колумбия университети докторанти Жон Папарризос.
«Ўзимизга савол бердик: агар одамлар тармоқда нималарни пичирлашаётганини эшитсак, уларга нимадир бўлганига жиддий далиллар топа оламизми?», — деб тадқиқот моҳиятини тушунтирди Хоровитц.
Қонуниятларни топиш учун олимлар реверс-инжиниринг усулларидан фойдаланди: улар Bing ёрдамида ошқозон ости бези саратони ҳақида маълумот қидирган одамларни топиб, уларнинг илгариги сўровларини текшириб кўрди.
Асосий индикатор сифатида саратоннинг маълум белгилари юзасидан берилган сўровлар олинди. Улар ишлаб чиққан тизим қандай сўровлар фойдаланувчи бекорга безовта бўлаётганини кўрсатишини, қандай сўровлар эса ҳақиқий касаллик аломатларига ишора эканлигини аниқ намоён этади.
Бундай хасталикка чалинган инсонларнинг жуда кам қисми беш йилдан ортиқроқ яшай олади. Кўпинча касалликнинг аниқланиши ўлимга сабаб бўлади. Олимлар уларнинг технологияси ошқозон ости бези саратонига чалиниб, беш йилдан ошиқ яшай оладиганлар миқдорини 3 фоиздан 5–7 фоизга кўтариши мумкинлигига ишонмоқда. Шу билан бирга, бу янглиш аломатларга эга инсонларни рўйхатдан чиқариш билан тиббий тадқиқотларга кетадиган харажатларни қисқартириши мумкин.
Қидирув сўровлари махфий тарзда ўрганилгани боис олимлар хасталик аломатлари қайд қилинган инсонларга мурожаат эта олмади. Тадқиқотчилар келажакда тиббиёт аҳлининг бундай методларга нисбатан бўлган шубҳа-гумонларини тарқатиб юборишдан умидвор.
Изоҳ (0)