Санкт-Петербург шаҳар суди Coca-Cola компаниясининг шу ердаги заводи директори Дмитрий Сошнёвнинг қотиллари устидан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Айбдорлар — Денис Чхитаури 16 йилга, Вячеслав Финогенов эса 22 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум қилинди. Улар жазо муддатини қаттиқ тартибли колонияда ўтайди.
Финогенов айбини тан олди, аммо қотилликка қўл уриш нияти бўлмаганини, фақат иш берувчиси Чхитаурининг илтимосига кўра Сошнёв билан гаплашиб қўймоқчи бўлганини айтди. Чхитаури, ўз навбатида, директорнинг автомобилини ўғирлашда айбдорлигини тан олди.
Прокурор Финогеновга умрбодлик, Чхитаурига эса 21 йиллик қамоқ жазосини сўраган эди. Апрель ойининг охирида ҳакамлар бир овоздан жавобгарларнинг айбдорлигини эътироф этди.
2014 йилнинг 28 ноябрида Финогенов ва Чхитаури ёлғон баҳона билан Сошнёвни учрашувга чақирди. У ерда Финогенов марҳумнинг орқасига икки марта ўқ узди. Жиноятчилар Сошнёвнинг ёнидаги 160 минг рублни олди, шунингдек, унга тегишли BMW автомобилини 1 миллион рублга сотишга уринди.
Изоҳ (0)