Суриянинг Дайр аз-Завр вилоятидаги ал-Ашара шаҳрида бозорнинг самолётлардан бомбаланиши оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Буюк Британияда фаолият юритаётган Сурия инсон ҳуқуқларига риоя этиш мониторинги маркази баёнот берди, деб ёзмоқда «РБК».
Ҳуқуқ ҳимоячилари тақдим этган маълумотларга кўра, бозорга Сурия ва Россия самолётларидан зарба берилган. Қурбонларнинг саккиз нафари болалардир. Бундан ташқари, кўплар оғир жароҳатлар олгани қурбонлар сони ошиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Россия мудофаа вазирлиги бу борада бирор расмий маълумот бермади.