Қоидасиз жанглар курашчиси Рашид Магомедов 2 июнь, пайшанба куни Россия ФВВнинг Доғистон бош бошқармаси томонидан чўкаётган одамни қутқарганлиги учун тақдирланди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Ҳодиса 31 май куни юз берган. UFC курашчиси Магомедов Махачқалъадаги Октябрь инқилоби номидаги каналга тушиб кетган ва чўкиб кетай деган олти ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолган.
Маълум қилинишича, Магомедов таниши билан канал атрофидаги бир гуруҳ одамларни ҳамда сувда болани чиқаришга уринаётган эркак кишини кўриб қолган. Ёрдамга шошилган курашчи тезда ҳодиса жойига сузиб бориб, болани тутиб олган ва у билан бирга қирғоққа йўл олган. Ниҳоят қуруқликка чиқишга эришган спортчи болага сунъий нафас бериб, тез ёрдам машинасини кутиб ўтирмасдан, дўсти билан бирга болани шифохонага олиб борган.
Магомедов ФВВ Доғистон бош бошқармасига таклиф этилиб, бошқарма бошлиғи томонидан миннатдорчилик хати билан тақдирланди.
Изоҳ (0)