Таиландда 12 йил муқаддам Пхукет оролида содир бўлган цунамидан саккиз ёшли британиялик қизалоқ Эмбер Оуэнни асраб қолган Нинг-Нонг лақабли фил излаб топилди. Жониворнинг лақаби ва хўжайини ўзгариб кетган экан, деб маълум қилади «ТАСС».
Воқеалар баёни илк бор 2004 йилда газеталарда чоп этилган эди. Онаси ва ўгай отаси билан Пхукетда дам олаётган Эмбер Оуэн минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетган цунами қурбонига айланаёзди. Пхукетда қиз Нинг-Нонг лақабли митти фил боласи билан дўстлашишга улгурган эди. Эмбер одатда филнинг елкасида сайр қилар ва уни банан билан боқар эди. Фожиа куни ҳам улар соҳилда айланиб юрганди. Сув кескин орқага қайтганида одамлар соҳилда қолиб кетган балиқларни теришга киришиб кетди, фил эса, нимадандир хавотирланиб, қизалоқни узоқроққа олиб кетди. Улкан тўлқинлар қирғоқни ювиб кетганида филча ва қизалоқ хавфсиз жойда эди.
Воқеадан илҳомланган болалар ёзувчиси Майкл Морпурго 2009 йилда унинг мотивлари асосида Running Wild («Ёввойи») китобини яратган эди. Яқинда китоб асосида тайёрланган саҳна асари Лондон театрларидан бирида намойиш этила бошлаши билан эски воқеа яна матбуот диққатини ўзига тортди.
Бундан хабар топган таиландлик журналистлар улғайиб қолган филни қидиришга тушиб кетди. Бу мураккаб кўрингани билан, аслида Таиландда филларни топиш катта мушкуллик туғдирмайди — барча филлар ўз паспортига эга бўлиб, махсус ҳисобда туради. Текширишлар натижасида Нинг-Нонг аслида урғочи фил экани ва ҳозирда унинг лақаби Баи-Тонг экани аниқланди. Айни кунларда жонивор мамлакат ғарбидаги Канчанабури провинциясида туристларга хизмат кўрсатмоқда. Филнинг янги хўжайини Баи-Тонг босиқ феъл-атворга эгалиги ва инсонларга ниҳоятда меҳрибонлигини таъкидлаб ўтди.
Изоҳ (0)