Андижонда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Ўзбектеатр» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг Х анъанавий республика кўрик-фестивали ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Мустақилликнинг 25 йиллик байрами арафасида Андижон шаҳрида қўғирчоқ театрининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Ушбу бино «Бунёдгарандсервис» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан замонавий архитектура асосида бунёд этилди. Бинонинг биринчи қаватида қаҳвахона, 300 ўринли томоша ва машғулотлар ўтказиш заллари, санъаткорлар учун хизмат хоналари, қўғирчоқлар тайёрлашга мўлжалланган махсус устахона, тикув цехи, кийиниш, ювиниш хоналари, иккинчи қаватида маъмурий хоналар жойлашган. Бинонинг олд томонида байрам тантаналари ўтказишга мўлжалланган кенг майдон барпо этилган, болалар учун аттракционлар ўрнатилган.
Фестиваль доирасида қўғирчоқ театрлари фаолияти атрофлича таҳлил қилинди. Драматурглар билан театр жамоалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бадиий етук асарлар яратиш, бунда бугунги тезкор давр болаларининг дунёқараши, орзу-интилишларини инобатга олиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Кўрик-фестивалда Ўзбекистоннинг турли вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган профессионал қўғирчоқ театрлари ижодий жамоалари ранг-баранг мавзу ва жанрлардаги спектаклларини намойиш этмоқда.