Ўзбекистонлик теннисчилар Нигина Абдураимова ва Сабина Шарипова Наманган шаҳрида давом этаётган, мукофот жамғармаси 25 минг долларга тенг халқаро теннис турниридаги иштирокини чорак финалда тўхтатди.
Халқаро теннис федерацияси расмий сайтининг маълум қилишича, турнирнинг биринчи ракеткаси сифатида қайд этилган Абдураимова чорак финалда россиялик Виктория Канга қарши баҳс олиб бориб, 6:2, 4:6, 5:7 ҳисобида имкониятни бой берди.
Аввалроқ 21 ёшли ўзбекистонлик теннисчи биринчи даврада словакиялик Тереза Михаликовани 6:3, 6:1, иккинчи даврада эса туркиялик Айла Аксуни 6:1, 7:5 ҳисобида мағлубиятга учратганди.
Мусобақада 4-рақам остида таснифланган Сабина Шарипова чорак финалда Россия вакиласи Ольга Дорошина билан куч синашди. Бир соату 33 дақиқа давом этган ўйинда 6:4, 6:4 ҳисоби қайд этилиб, россиялик теннисчининг фойдасига ҳал бўлди.
Шарипова чорак финалга қадар ҳамюрти Арина Фольцни 6:2, 6:0 ҳамда россиялик Анна Моргинани 7:6, 6:3 ҳисобида таслим қилганди.
Қайд этиш жоиз, Namangan International теннис турнирида ўзбекистонлик теннисчилардан Лайло Баҳодирова, Валентина Шлейн, Гўзал Юсупова, Сарвиноз Саидхўжаева ўз иштирокини биринчи даврада якунлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, Нигина Абдураимова эса 23–29 май кунлари Японияда ўтказилган Karuizawa Yonex Open–2016 теннис турнирининг чемпионига айланганди. Сабина Шарипова 23–28 май кунлари Андижонда бўлиб ўтган халқаро теннис турнирида бош совринни қўлга киритган эди.
Изоҳ (0)