Германиянинг «Ганновер» клуби шарафини ҳимоя қилувчи 19 ёшли Вальдемар Антоннинг хизматлари билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси қизиқаётгани бўлиши тахмин қилинмоқда. Норасмий маълумотларга кўра, Вальдемар Антон Ўзбекистонда таваллуд топган, бироқ ҳозирги кунда Германия фуқаролигига эга.
ЎФФ терма жамоалар марказининг халқаро бўлимида фаолият юритувчи Шерзод Эгамбердиев ўзининг Facebook саҳифасида қуйидагича пост қолдирди: «Футболга ихтисослашган ОАВда фаолият юритаётган ҳурматли, журналист дўстлар! ‘Ганновер’ клуби ҳимоячиси Вальдемар Антонга тегишли бўлган маълумотларни топишга ёрдам беринг. Унинг Ўзбекистонга алоқадор экани борасида ахборот бор».
Мазкур пост остига «Пахтакор» футбол клубининг халқаро бўлимида фаолият юритувчи Фахриддин Исамуҳамедов изоҳ қолдирган бўлиб, унда футболчига тегишли бўлган маълумотларни почта орқали жўнатиб юборишга ваъда берилган. Ёзишмаларда Вальдемар Антоннинг Ўзбекистонда туғилгани, аммо унинг фуқаролиги Германияга тегишли экани кўрсатилган. Бунга жавобан Шерзод Эгамбердиев «бу муаммо эмас, унинг ота-онаси шу ерликми?», — дея фикр сўраган.
Пост остига саҳифасида ким бўлиб ишлаши кўрсатилмаган Александр Ольшанецкий изоҳ қолдирган бўлиб, у ўзининг Ганноверда истиқомат қилиши ва Вальдемар билан таниш эканлигини қайд этган. Ўзбекистонликлар учун Антон ҳақида маълумот олиб беришга ваъда қилар экан, изоҳ ёзилаётган вақтда кун анча кеч бўлиб қолгани, эртага эса ахборот олишини билдирган. Бунга жавобан ЎФФ ходими «илтимос айтиб қўйинг, биз томондан унга катта қизиқиш бор», — деб жавоб қайтарган.
Маълумот учун, 1996 йилнинг 20 июль куни таваллуд топган Валдемар Антон 2015/16 йилги мавсумни Германия Бундеслигасида ўтказган «Ганновер» клуби шарафини ҳимоя қилади. У жорий мавсум клуби учун 6 та ўйин ўтказган ва бир бор гол уришга муваффақ бўлган.
Қайд этиш керак, ўзбекистонлик экани таҳмин қилинаётган ҳимоячи сўнгги икки мавсумдан буён Европа Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиб келаётган Мёнхенгладбахнинг «Боруссия» клуби дарвозасига йўл топган ва жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшган. 29-турдан бошлаб мавсум якунига қадар барча учрашувларда иштирок этган. 34-тур доирасидаги «Бавария»га қарши беллашувда 90 дақиқа ҳаракат қилган.
«Ганновер» Германия Бундеслигасида мавсумни 18-ўринда якунлади ва қуйи лигага тушиб кетди.
Изоҳ (0)