Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида «Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил қилишнинг долзарб муаммолари: қон-томир тизимининг ўткир касалликлари диагностикаси, даволаш ва профилактика масалалари» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон олимлари ва шошилинч тиббий ёрдам соҳаси шифокорлари билан бирга Италия, Швейцария, Финляндия, Жанубий Корея, Япония, Россиядан келган мутахассислар иштирок этди. Унда соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Л. Тўйчиев, шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори А. Ҳожибоев ва бошқалар иштирок этди.
Конференцияда ўткир ва жароҳатли касалликларда тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш, кечиктириб бўлмайдиган жарроҳлик амалиётлари, неврология, кардиология, педиатрияда қон-томир патологиясини ташхис қўйиш ва даволаш, соҳага юқори технологияли даволаш-диагностика усулларини жорий этиш каби мавзуларда фикр алмашилди. Таниқли олимлар иштирокида бош мия томирлари касалликларини жарроҳлик йўли билан даволашдаги инновациялар, нейрохирургия йўналишларида маҳорат сабоқлари ўтказилди.
Изоҳ (0)