«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган «Саломатлик поезди» Қашқадарё вилояти аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Хайрия акцияси чекка ва экологик ноқулай ҳудудлардаги туманлар аҳолиси, хусусан, болалар, хотин-қизлар, кўп болали оилалар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини замонавий тиббий кўрикдан ўтказишга қаратилган.
«Дори-дармон» акциядорлик компанияси, «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти ва бошқа ташкилотлар кўмагида ташкил этилган тиббий-ижтимоий акция доирасида даволаш-профилактика муассасалари ва кам таъминланган оилаларга 300 дан ортиқ турдаги дори-дармон, санитария-гигиена воситалари, тиббий анжомлар берилади. «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фондининг Қашқадарё вилояти ҳудудий филиали директори Гулнора Шарипованинг сўзларига қараганда, малакали шифокорлар ва кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси мутахассислари томонидан тиббий кўрик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга бағишланган учрашувлар ташкил этилмоқда.
Акция доирасида Деҳқонобод тумани маркази ва Оқработ қишлоғида 900 га яқин киши чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Тадбир доирасида ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли ва ногиронларга, тиббий-ижтимоий муассасаларга қиймати 1 миллиард 317 миллион 376 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари, кийим-кечак, дори-дармон, тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситалари, ўқув қуролларидан иборат мурувват ёрдами кўрсатилади.
Апрель ойида «Саломатлик поезди» Қорақалпоғистон Республикасига борган эди.
Изоҳ (0)