Футбол бўйича Россия Премьер-лигасининг 2015/16 йилги мавсуми чемпионлиги Москванинг «ЦСКА» клубига насиб қилди. Сўнгги турда Қозонда «Рубин»ни мағлуб этган «армиячилар» учун бу олтинчи чемпионлик ҳисобланади.
«Рубин»га қарши ўйиннинг 19-дақиқасида Алан Загоев томонидан киритилган ягона гол «ЦСКА»га олтинчи чемпионликни тақдим этди. Маълумот учун, Россия чемпионлигини энг кўп Москванинг бошқа бир клуби «Спартак» қўлга киритган — 9 марта. Бу кўрсаткич «Зенит»да 4, «Локомотив» ва «Рубин»да 2, «Алания»да эса 1 тани ташкил этади.
«ЦСКА»нинг ғалабасидан кейин «Ростов» ўз тарихида биринчи бор чемпион бўлиш имкониятидан маҳрум бўлди. Қайд этиш керак, «Ростов» Россия чемпионатида бунга қадар бирор марта ҳам кучли учталикка кирмаганди. Сўнгги турни Грознийда ўтказиб, «Терек» устидан 2:0 ҳисобида зафар қучган «Ростов» келаси мавсумни Европа Чемпионлар Лигасида ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Европа Лигаси мусобақасида эса «Зенит», «Краснодар» ва «Спартак» клублари тўп суради.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов тўп сурадиган «Краснодар» мавсумни 3-ўринда ҳам якунлаши мумкин эди. Бироқ «Зенит»нинг Москвада «Динамо» устидан 3:0 ҳисобида зафар қучиши бунга йўл қўймади. Шунингдек, «Динамо» ўз тарихида биринчи бор 1-дивизионга тушиб кетди.
Одил Аҳмедов жароҳати сабаб иштирок эта олмаган сўнгги турда «Краснодар» ўз майдонида «Амкар» устидан 1:0 ҳисобида зафар қучди.
Европа Лигасининг сўнгги йўлланмаси учун Москванинг «Спартак» ва «Локомотив» клублари ўзаро кураш олиб борди. Сўнгги турда «Спартак» сафарда «Уфа»дан 0:2 ҳисобида енгилди. «Локомотив» эса ўз майдонида «Мордовия»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Натижада пойтахт клубларининг очкоси тенглашди. Тўплар нисбати «Локомотив»да 1 тага яхшироқ бўлсада, «Спартак»да ғалабалар сони 1 тага кўпроқ эди. Шу боисдан ҳам «Спартак» турнир жадвалида олдинроқ поғонага жойлашди.
2015/16 йилги мавсум якунларига кўра «Динамо» ва «Мордовия» клублари Премьер-лигани тарк этди.
Изоҳ (0)