Ўзбекистонлик Оқгул Омонмуродова Хитойнинг Чжэнчжоу шаҳрида давом этаётган, мукофот жамғармаси 50 минг долларни ташкил қилувчи ITF туркумидаги теннис турнирининг яккалик баҳсларини тарк этган бўлса, жуфтликлар баҳсида финалга чиқди.
Халқаро теннис федерацияси расмий сайтининг маълум қилишича, яккалик баҳслари чорак финалида ўзбекистонлик теннисчи болгариялик Александрина Найденовага қарши кортга чиқди. Икки соату 18 дақиқа давом этган беллашувда 4:6, 6:4, 6:2 ҳисобида қайд этилиб, болгариялик теннисчининг фойдасига ҳал бўлди.
Дастлабки даврада ўзбекистонлик теннисчи мусобақа мезбони, турнирнинг иккинчи ракеткаси Фангжоу Лиуни 6:2, 6:3, иккинчи даврада таиландлик Нича Лертпитаксинчайни 6:1, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Шунингдек, словакиялик Микаэла Ҳонкова билан тандем ҳосил қилган Омонмуродова жуфтликлар баҳси финалига чиқди. Ярим финалда Омонмуродова/Ҳонкова тандеми хитойлик Йинг Чанг ва Синю Гао дуэтини 3:6, 6:3, 10:8 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финал йўлланмасини қўлга киритди. Ҳал қилувчи баҳсда Омонмуродова/Ҳонкова жуфтлиги бошқа бир хитойлик дуэт – Сиаоди Ю ва Фанг Йинг Хунга қарши кортга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, Оқгул Омонмуродова жуфтликлар баҳси биринчи даврасида Юги Шенг (Хитой) ва Линг Чжан (Гонконг) дуэтини 6:4, 6:7, 10:5, чорак финалда эса Сю Ю Е (Хитой) ва На Ри Ким (Жанубий Корея) жуфтлигини 6:2, 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Изоҳ (0)