Ўзбекистонлик тажрибали теннисчи Оқгул Омонмуродова Хитойнинг Чжэнчжоу шаҳрида давом этаётган, соврин жамғармаси 50 минг долларга тенг ITF туркумидаги теннис турнирининг яккалик баҳслари чорак финалига чиқди.
Халқаро теннис федерацияси расмий сайтининг маълум қилишича, иккинчи даврада 31 ёшли ўзбекистонлик теннисчи таиландлик Нича Лертпитаксинчайга қарши баҳс олиб борди. Бир соату 19 дақида давом этган беллашувда 6:1, 6:4 ҳисоби қайд этилиб, Омонмуродова фойдасига ҳал бўлди.
Дастлабки даврада ўзбекистонлик теннисчи мусобақа мезбони, турнирнинг иккинчи ракеткаси Фангжоу Лиуни 6:2, 6:3 ҳисобида мағлуб этганди.
Шунингдек, словакиялик Микаэла Ҳонкова билан тандем ҳосил қилган Омонмуродова жуфтликлар баҳси биринчи даврасида хитойлик Юги Шенг ҳамда Гонконг вакиласи Линг Чжан дуэтини 6:4, 6:7, 10:5 ҳисобида мағлубиятга учратиб, чорак финалга йўл олганди.
Ярим финал йўлланмаси учун баҳсда Омонмуродова/Ҳонкова тандеми бугун, 19 май куни Сю Ю Е (Хитой) ва На Ри Ким (Жанубий Корея) жуфтлигига қарши кортга чиқади.
Изоҳ (0)