20 май куни Тошкент вақти билан тонгги 4:00 да футзал бўйича 2016 йилги Жаҳон Чемпионати беллашувларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади, деб хабар берди «Championat.asia».
Дунёнинг 24 та терма жамоаси иштирок этадиган мундиалнинг қуръа ташлаш маросимида Ўзбекистон футзал терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Мендез иштирок этади. Қайд этиш керак, ўз тарихида биринчи бор Жаҳон Чемпионатида иштирок этадиган Ўзбекистон термаси қуръа олдидан 4-саватдан жой олган.4-саватчада, шунингдек, Куба, Мозамбик, Қозоғистон, Озарбайжон, Вьетнам каби терма жамоалар бор. Бундан келиб чиқадики, қуръа маросимидан кейин мазкур мамлакат термалари Ўзбекистон билан бир гуруҳдан жой олмайди.
Осиёнинг амалдаги чемпиони ҳисобланган Эрон терма жамоаси қуръа олдидан 2-саватчадан жой олди. Бу саватда Украина, Португалия, Парагвай, Миср, Коста-Рика каби мамлакатлар ҳам бор.
1-саватдан мезбон Колумбиядан ташқари Бразилия, Испания, Италия, Аргентина ва Россия терма жамоалари жой олган. 3-саватни эса Соломон Ороллари, Таиланд, Марокаш, Панама, Гватемала, Австралия каби термалар ташкил этган.
Футзал бўйича 2016 йилги Жаҳон Чемпионати 10 сентябрдан 1 октябрга қадар Колумбияда бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)