«Ўзекспомарказ»да «Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016» йигирманчи халқаро кўргазмаси очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Форум «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, ITE Uzbekistan халқаро кўргазмалар компанияси ва ITE компаниялар гуруҳи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Йигирманчи бор ўтказилаётган форумда Ўзбекистон, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Чехия, Норвегия, Австрия, Швейцария, Россия, Болгария, Польша, Руминия, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Эрон, Умон, Индонезия, Мальта каби давлатлардан 200 дан ортиқ компания ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда.
Халқаро кўргазмада нефть ва газ қазиб олиш (технологиялар ва ускуналар), нефть ва газ қудуқлари: қуриш ва фойдаланиш, нефть ва газни қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш, нефть кимёси, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш, нефть ва газ саноати иншоотларини лойиҳалаштириш ва барпо этиш, геология, геофизика, сейсмик ускуналар ва хизматлар, қувурлар, газ турбиналари, ихтисослаштирилган материаллар ва ускуналар, назорат-ўлчов асбоблари, техника хавфсизлиги ҳамда ёнғиндан ҳимоя, экологик хавфсизлик, муқобил энергетика, саноат автоматизацияси, хизматлар, алоқа ва телекоммуникациялар каби бўлимлар ишлаб турибди.
Илгари хабар қилинганидек, OGU-2016 доирасида Uz-Prista Recycling Ўзбекистон-Болгария қўшма корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. «Ангрен» махсус индустриал зонасида барпо этилган корхона мотор, тишли ғилдирак ва редукторлар учун мойлар, гидравлика суюқликлари ва битум ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Завод йилига 43 минг тонна ишлатилган техник мойни қайта ишлаш орқали 30 минг тоннагача мой ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотнинг қарийб 40 фоизи экспортга мўлжалланмоқда.
Нефть-газ форуми доирасида «Ўзбекистон нефть-газ тармоғи: технологиялар, инвестициялар ва тараққиёт» мавзуида халқаро конференция ўтказилади. Унда Ўзбекистон нефть-газ саноатининг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари, углеводород базасини кенгайтириш омиллари, соҳадаги янги тенденциялар, Ўзбекистон нефть-газ соҳасининг сармоявий салоҳияти, бу борадаги халқаро ҳамкорлик, муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия самарадорлигини ошириш усуллари каби долзарб масалалар муҳокама этилади.
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов ҳамда Болгария бош вазири Бойко Борисов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)